Меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва ишдан бўшатилганлик нафақалари суғурта билан амалга оширилади
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлисда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг иштирокини кенгайтириш, замонавий дунёқараш, билим ва кўникмага эга ёшларнинг билимларини ва демократик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясини тузиш бўйича қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг депутатлар “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилдилар.
— Бугунги кунда ходимлар вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганида ёки ишдан бўшатилганда ижтимоий қўллаб-қувватлашда бир қатор муаммоларга дуч келмоқда, — деди депутат Моҳира Хўжаева. — Жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари иш берувчилар учун ортиқча молиявий юклама бўлгани сабабли ушбу нафақаларни хусусий секторда тўламаслик ёки ҳомиладорларни ишга олмаслик, уларни ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида лойиҳада давлат ижтимоий суғуртаси тизими ва давлат ижтимоий суғуртаси тўловларини тўлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, касаллик туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда иш ёки даромадни йўқотиш билан боғлиқ ҳолатларда тўланадиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ва ишдан бўшатилганлик нафақаси давлат ижтимоий суғуртаси билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Мажбурий суғуртадан ўтган фуқароларнинг тўловлари кафолатланади.
Шунингдек, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурта ҳодисалари рўй берганда тегишли тўловларни тайинлаш ва тўлаш тартиби, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш асослари белгиланмоқда.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар қайтарилди. Мажлисда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА