Ўзбекистон ва ОИИБ: инфратузилмани ривожлантиришда ҳамкорлик мустаҳкамланади

Аввал хабар қилинганидек, Саудия Арабистонида ўтаётган “Ривожланаётган мамлакатлар мулоқоти” конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюн ўртасида учрашув ўтказилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, бюджетни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки халқаро молиявий институт сифатида инфратузилма ва бошқа маҳсулдор секторларни ривожлантириш орқали Осиё минтақасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Банк 2016 йил 16 январдан фаолият юритган, бош офиси Пекин шаҳрида жойлашган.
Учрашувда “яшил“ иқтисодиётни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишда ҳамкорликни кучайтириш, давлат-хусусий шериклик дастурлари асосида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва замонавий иссиқлик таъминоти тизимини яратиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА