Орол муаммосидан сўзловчи кўргазма

272

ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида Американинг “Апехарт” жамғармаси томонидан Орол муаммосига бағишланган “Биз денгиз ўтлари эдик” номли бадиий кўргазма ташкил этилди.

Кўргазмада Оролбўйи муаммосига эътибор қаратган Қозоғистон Республикасидан Александр Угай, германиялик Лена Позднякова ва Элдар Таги, Буюк Британия давлатидан Лилия Баканова ҳамда ҳамюртимиз Саодат Исмоилованинг ижодий ишлари намойишга қўйилган. Ушбу асарларда Орол денгизи тарихи ва унинг бугунги кундаги ҳолати ижодий қарашларда акс этган.

Қозоғистонлик рассом Александр Угай Мўйноқ тумани ҳудуди табиатида пайдо бўлган салбий ҳолатни, чанг-тўзонларнинг кўтарилишини “Камера-обскура” ускунаси ёрдамида тасвирлаб берган.

Германиялик Лена Позднякова ва Элдар Таги ҳудуддаги ҳолатни, денгиз сувининг шивирлашини, шамол эсиши ва ўсимликлар тебранишидаги товушларни махсус материаллар ёрдамида акс эттирган.

Англия ижодкори Лилия Баканова Орол денгизи ва унинг атрофидаги ҳаётни ипдан тўқилган ҳайкал ёрдамида тасвирлаган.

Асли ўзбекистонлик, ҳозирда Францияда яшаётган ижодкор Саодат Исмоилова эса кўргазма иштирокчиларига “Кўринмас денгиздаги балиқ ови” деб номланган ҳужжатли фильмини тақдим этган. Ушбу фильмда Орол денгизи бўйида яшаётган мўйноқлик балиқчиларнинг сув танқислиги туфайли юзага келган оғир турмуш шароити ҳақида ҳикоя қилинади.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА