Театрлар билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Нукус шаҳар ҳокимлиги вакилларининг ўқувчи-ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳамда устозлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларнинг маданий савиясини ошириш, миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд бўлишини таъминлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ва самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спектаклларнинг бадиий савиясини оширишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Қарорда аҳоли, айниқса, ёшлар иштирокида “Маҳалла еттилиги” аъзолари билан биргаликда ҳар ойда маҳаллаларда “Театр куни” тадбирлари ўтказиш, бунда ижодий учрашувлар ва театрлаштирилган композиция намойишлари ёки театрларга ташрифлар ташкил этиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат театрларининг спектаклларига бепул кириши белгиланди.
Нукус шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ҳамда Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ундан кўзланган мақсад, ёшларни театрларга қамраб олиш ва спектакллар томошасини ташкил этиш орқали уларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан ривожланиши, она Ватанга бўлган муҳаббатининг ошиши ҳамда оила ва ота-онанинг қадрига етишларига кўмаклашиш режа қилинган.
Тадбирда иштирок этган Нукус шаҳридаги барча умумтаълим мактабларининг 10-11-синфлар ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва устозлари эътиборига С.Узоқбоев ва П.Ўтениязов асари асосида саҳналаштирилган “Фарзанд ташвиши” спектакли намойиш этилди.
Йил давомида ҳафтанинг шанба куни ўқувчи-ёшларнинг театрларга ташрифи ташкил этилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА