Янги мавсумга старт берилди

340

Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2025 йилги мавсумига расмий старт берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири A.Aлланазаров, Нукус шаҳри ҳокими A.Данияров, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи П.Махсетбаев давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, спортчилар ва уларнинг мураббийларини рағбатлантиришга қаратилаётган эътиборга алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, ҳар бир инсон, ҳар бир ота-онанинг орзуси ва нияти жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашдир. Бунга эса жисмоний тарбия ва спортсиз эришиб бўлмайди.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан шуғулланадиганларнинг сонини оширишда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарорда маҳаллаларда оммавий спорт билан шуғулланиш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва спорт иншоотларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмасини яратиш, aҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўқувчилари ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.

Янги мавзумга расмий старт бериш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси марказий студиясидан маҳалла ёшлари, ногиронлиги бўлганлар, спорт мактаби тарбияланувчилари,  умумтаълим мактаблари ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, ўтган йилги мусобақанинг ғолиблари иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг ўтган йилги натижасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси 50 та медал (16 та олтин, 15 та  кумуш, 19 та бронза) билан етакчилик қилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан Нукус шаҳри ва Қўнғирот тумани ҳокимлари “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказиладиган мусобақалар учун маҳалла ёшлар етакчиларига спорт анжомлари топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА