Кўп квартирали уйни бошқариш усули ундаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида, аҳоли розилиги асосида белгиланади

385

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув органларини мажбурий тарзда бошқа бошқарув органларига бириктириш ҳолатлари кузатилаётгани, бунда мулкдорлар фикри инобатга олинмаётгани ҳақида эълон қилинган мурожаат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.

Вазирликнинг расмий муносабатида кўп қаватли уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунга, жумладан, бошқарув усули мулкдорларнинг умумий йиғилиши томонидан ва аҳолининг розилиги асосида белгиланиши ҳақидаги нормаларга ҳавола келтирилган.

Қайд этилишича, халқ томонидан тан олиниб келинаётган бошқарув органлари фаолиятига асоссиз аралашиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, ҳар бир соҳа давр талабига мос равишда доимий такомиллаштирилиб борилиши керак. Бунда соҳани янада қулайлаштириш, ундаги ишламайдиган механизмларни қайта кўриб чиқиш, замонавий ёндашувлар асосида тизимни тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга.

Кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш, бунинг асносида аҳолига янада қулай шароит яратишни таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар натижасида бугун соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланди. Аҳолида ҳам ўзи яшайдиган кўп қаватли уйларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ошиб, бошқарув органидан керакли хизматларни талаб қилиш, фаолиятини баҳолаш жараёнида фаол иштирок этиш маданияти шаклланмоқда.

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ кўп квартирали уйни бошқариш усули ундаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида, аҳоли розилиги асосида белгиланади.

Шу боис Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги халқ томонидан тан олиниб келинаётган бошқарув органлари фаолиятига асоссиз аралашиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантиради.

Ш.Маматуропова, ЎзА