Банкларни санация қилиш ва тугатиш механизмлари белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
—Бугунги кунда банк тизимини бозор механизмлари асосида такомиллаштириш борасидаги ишлар билан бирга, аҳамиятга молик банкларда вужудга келадиган молиявий нобарқарорлик ҳолатларининг банк тизимига салбий таъсирининг олдини олиш орқали мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурати ҳам ортиб бормоқда, —деди депутат М.Қурбонбоев. — Шу боис Мазкур қонун лойиҳаси билан банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, банкларнинг иқтисодиёт учун муҳим бўлган вазифалари ва хизматлари узлуксизлигини таъминлаш, омонатчилар ҳамда кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бу орқали молия ва банк тизими барқарорлигини таъминлашда санация воситаларидан самарали фойдаланишга доир ҳуқуқий асослар жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада Марказий банк банкларни санация қилиш бўйича ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда, унга санация қилиш бўйича ваколатлар берилиши назарда тутиляпти.
Шунингдек, банкларни санация қилишда фойдаланиладиган воситалар, санация қилишдан кўзланган асосий мақсадлар, банкларни ихтиёрий ва мажбурий тугатиш бўйича қоидалар белгиланмоқда. Омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, банкларнинг бюджет маблағларига қарамлигини камайтириш, мижозларнинг банк тизимига ишончини ошириш кўзда тутилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташладилар ва тегишли жавоблар олдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА