Энди фермерлар мавсум давомида кафолатланган ҳажмда сув олиш имкониятига эга бўлади

Муносабат
Ўзбекистонда кейинги йилларда ер ва сув муносабатларини яхшилаш, агробизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кооперация ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Соҳага бозор механизмларини жорий қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этишга қаратилган ислоҳотлар қилинмоқда. Илмий ютуқлардан самарали фойдаланиш ва кадрлар салоҳиятини яхшилаш ишлари эса аниқ чора-тадбирларга асосланган.
Бу БМТ Бош Ассамблеясининг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги резолюцияси ва ушбу ҳужжатнинг иккинчи мақсади – озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда аграр соҳани барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш йўналишидаги мақсад ҳамда вазифаларга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир.

Президентнинг 2019 йил 23 октябрда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат доирасида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий асослар яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 февраль куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан эса бу соҳадаги ишлар кўламини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

Жумладан, фармонда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини янада такомиллаштиришга оид аниқ вазифалар киритилди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш орқали пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида юқори қўшилган қийматга эга ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, эндиликда ер участкалари контурлар яхлитлиги ва суғориш тизими бузилмаган ҳолда 3 гектардан 50 гектаргача бўлган ўлчамларда
“E-auksion” савдо платформасида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади. Бу амалиёт ер билан тиллашиш ва фермерлик фаолиятига қизиққан кўплаб инсонлар учун янги имкониятларни яратиб беради.
Ҳозир кўпчиликда деҳқон ва фермерлик фаолиятига қизиқиш бўлса-да, тажрибаси, иқтисодий ва ижтимоий имкониятидан келиб чиқиб катта ер майдонларини олиб ўз фаолиятларини йўлга қўйишга иккиланар эди. Энди ҳар бир инсон имкониятидан келиб чиққан ҳолда электрон онлайн аукцион савдоларида қатнашиб ўзи учун етарли деб билган ерга эга бўлиши мумкин.
Шунингдек, фармон билан муҳофаза зонасидан ташқари бўлган дала четида 20 сотихдан кўп бўлмаган ҳудудда қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи енгил конструкцияли музлаткичли омборхоналар, саралаш, қадоқлаш жойлари, сув тежовчи технологиялар, дала шийпони, техника парки каби объектларни жойлаштиришга ҳам рухсат берилмоқда. Бу эса фермер ва деҳқонларга, айниқса, дала шийпонларида мавсум давомида ўз оиласи билан яшаб чорва моллари, парранда каби ҳайвонларни парваришлаш орқали қўшимча даромад олиш имкониятини ҳам оширади.
Қолаверса, янги тизим доирасида электрон онлайн аукцион ғолиби ер участкасидан қирқ тўққиз йил ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш, кейинчалик ижара муддатини қонунчиликка мувофиқ узайтириш, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, навлари ва ҳажмларини, шунингдек, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини ўзи мустақил равишда белгилаш, шу жумладан, пахта ва ғалла экинларини фақат ўзи маъқул деб ҳисоблаган тақдирдагина етиштириш ҳуқуқига эга бўлмоқда.
Сир эмас айрим ислоҳотлардан бехабар қўштирноқ ичидаги раҳбарларнинг фаолиятга ортиқча аралашуви оқибатида баъзан фермерлар ўзлари истамаган экин турларини экишга ва натижада иқтисодий йўқотишларга дуч келмоқда. Фармонда белгиланган ҳуқуқлар орқали энди улар мустақил равишда ўзлари мос деб билган экин турларини экиб парваришлайди.
Шу билан бирга, ер эгалари Ер кодексига мувофиқ ижара шартномаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини текинга ёки ҳақ эвазига ижара муддати давомида бошқа шахсга ўтказиш, ер участкасини иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқларига ҳам эга бўлишмоқда.
Яна бир муҳим ўзгариш, йиллик сув етказиб бериш лимитларининг энг паст ва энг юқори даражаси доирасида кафолатланган ҳажмда сув олиш, ушбу мажбурият бажарилмаган ҳолларда етказилган зарарларни талаб қилиб олиш ҳуқуқи ҳам кафолатланмоқда. Бу орқали, ўз ери таркибидан яхши хабардор бўлган тажрибали деҳқонларга ҳеч бир иккиланишсиз истаган маҳсулотини мавсум инжиқликларидан қўрқмасдан етиштиришни кафолатлайди.
Умуман олганда, фермер, деҳқон ва ер эгаларига бу каби ҳуқуқларнинг кафолатлаб берилиши, келгусида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини бир ярим баравар ва экспорт кўрсаткичларини
икки баравар ошириш орқали, нафақат мамлакатимизда балки минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА