Мамлакатимизнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ибрагимов қардош давлат Халқ банки бошқаруви раиси Умут Шаяхметова билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари муҳокама қилинди.

Қозоғистон Халқ банки бошқарув раиси Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Республикамизнинг йирик инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этишга тайёрлиги, ушбу режаларни амалга оширишга қўшимча ресурслар жалб қилишдан манфаатдорлигини таъкидлади. Шунингдек, жорий йил июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми Хорижий сармоядорлар кенгаши ялпи мажлисида иштирок этиш истагини билдириди.

Томонлар юртимизга қозоқ сармоядорларини жалб қилиш, икки давлат ишбилармон доира вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқдилар.

Бу икки мамлакат иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътироф этилди.

Азиза Алимова, ЎзА