Маҳалла банкири ва ёрдамчи-агентлар фаолияти тартибга солинади

290

Марказий банкда маҳалла банкири ва ёрдамчи-агентлар фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш масалаларига бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинарда маҳаллаларга бириктирилган 31 та тижорат банки ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъуллари иштирок этди.

Тадбир давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни даромадли фаолиятга жалб қилиш, норасмий меҳнат билан банд бўлганларни банк тизимига олиб кириш вазифаларини маҳалла банкирлари ва ёрдамчи-агентлар билан амалга ошириш механизми ва инструментлари ҳақида сўз юритилди.

Хусусан, 71 та оғир тоифадаги туманларда ишларни йўлга қўйиш ва 60 та илғор туманларни янада ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирлар, маҳалла банкири иш фаолиятини йўлга қўйиш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш доирасида “Сайхунобод“, “Маҳалла лойиҳаси“, “Паркент“ тажрибаси, “Бир контур – бир маҳсулот“ тамойили асосида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда “bank-kredit.uz“ платформаси орқали ишларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, бизнесга биринчи қадам, тадбиркорликни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастурлари мазмун-моҳияти, ёрдамчи-агентлар билан ишлаш тизими доирасида банк хизматларини оммалаштириш, ҳисобварақ очиш каби вазифалари ҳамда маҳалла банкирлари ва ёрдамчи агентларни доимий ўқитиш тизими тушунтирилди.

Семинар якунида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилиб, муҳим таклифлар билдирилди. Шунингдек, муҳокамалар натижасида ҳар бир иштирокчига тегишли кўрсатмалар берилди ва келгусидаги фаолиятлари юзасидан аниқ йўналишлар белгиланди.

Ш.Маматуропова, ЎзА