“Adliya mahalla” ва “Onlayn mahalla” платформаси орқали 336 минг нафар фуқарога бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди

339

Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда 2 минг 93 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, вазирлик ташаббуси билан 286 лойиҳа ишлаб чиқилди.

Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган 70 дан ортиқ янги турдаги хизматлар жорий қилиниб, уларнинг жами сони 409 тага етказилди. 144 хизмат соддалаштирилди. 13 та лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиби бекор қилинди.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда уни ташкил этишда енгиллик яратиш мақсадида 3 ойгача “ўтиш ва мослашиш даври”ни белгилайдиган “Бизнесга лицензиясиз кириш” (Zero Licensing) махсус режими эксперимент тариқасида жорий этилди.

Бу Адлия вазирлигининг 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган ҳайъат йиғилишида қайд этилди.

“Adliya mahalla” ва “Onlayn mahalla” платформаси орқали аҳолининг 203 мингдан ортиқ ҳуқуқий муаммолари қабул қилиниб, шундан 176 мингдан ортиғи ёки 87 фоизи ҳал этилди. 336 минг нафар фуқарога бирламчи ҳуқуқий ёрдам бепул кўрсатилиб, 10 мингдан ортиқ процессуал ҳужжат лойиҳалари тайёрлаб берилди. Жойларда 420 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Ҳуқуқий ахборотни етказиш рақамлаштирилиб, барча қонунчилик ҳужжатларини Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларга, маҳаллаларга етказиш йўлга қўйилди.

Келиб тушган 270 минг мурожаатнинг 88 фоизи қонуний ҳал этилди. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 21 мингдан ортиқ давлат ташкилотининг 8,4 миллиондан зиёд ҳужжат лойиҳасига ҳуқуқий хулоса берилди.

10 турдаги нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш йўлга қўйилиб, 74 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат онлайн амалга оширилди. 21 минг 573 интеллектуал мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Рўйхатга олинган товар белгилари, ихтиро, фойдали модел ва селекция ютуқлари бўйича алоҳида рейтинг шакллантирилиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Бу каби ишлар натижасида Ўзбекистон 24 йилдан сўнг АҚШ Савдо вакиллигининг “Кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази тузилмаси такомиллаштирилиб, марказнинг ҳудудий бўлимларида қўшимча 12 та янги экспертиза турлари йўлга қўйилди.

Мажлисда соҳада айрим муаммолар мавжудлиги, жумладан, мурожаатлар билан ишлашда айрим раҳбарларнинг қатъиятсизлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашувдаги камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этган йиғилиш якунида қатор вазифалар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА