Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар янги босқичда

402

Янги фармон ва қарор

Чорва боқиб, рўзғорига барака киритадиганлар жонлиқнинг зотига қарайди. Емиш ва жой яхши, лекин мол зотдор бўлмаса чорвадорнинг кўп вақти беҳуда кетади. Харажат бўлади, аммо даромад топиш унга мос келмайди.

Шунинг учун қишлоқларда кимнингдир сигири серсут бўлса, бузоғи катта бўлмасдан аввал эгаси топилади. Бозорларда бўрдоқига боғланса тез эт оладиган ҳўкизчанинг бошқаларига нисбатан бир-икки сўм қиммат сотилишининг сабаби ҳам шунда.

Насли яхши чорва бир оила учун қанчалик муҳимлигини ўйлар экансиз, масаланинг мамлакат миқёсида аҳамияти нечоғлик долзарблигини тасаввур қилиш қийин эмас. Демак, тармоқда озуқа захираси ва наслчилиги иқтисодий ўсиш, эл дастурхони тўкинлигига дахлдор жиҳат.

Шу ўринда баъзи рақамларга тўхталиш ўринли. Мамлакатимизда ўтган йили чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 5 триллион 800 миллиард сўмлик 1 минг 300 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, 240 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январда “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатлар мамлакатда яйлов хўжалигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, соҳада бошқарувнинг ихчам ва самарали тизимини жорий этиш, чорвачилик хўжаликларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш борасидаги масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, ички бозорларга сифатли ҳамда арзон чорва ва парранда маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда шу йўналишлардаги хўжаликларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишда ўзига хос дастур бўлади.

– Фармон билан шу йил охирига қадар яйлов ерлари хатловдан ўтказилиб, уларнинг амалдаги ва давлат рўйхатидан ўтказилган майдони ўзаро мувофиқ бўлишини таъминлаш чоралари кўрилади, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов. – Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилиши белгиланди. Бу комиссиянинг олдига қатор вазифалар қўйилган. Бундан ташқари, тегишли вазирликлар билан биргаликда шу йилнинг 1 декабрига қадар яйловлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи «E-yaylov» электрон платформаси ишга туширилади. 2025-2027 йилларда мавжуд геоботаник тадқиқотлар амалга оширилиб, қайта баҳолаш ва ерларнинг ҳақиқий норматив қиймати аниқланади. Бунда яйлов ерларининг контурлар ва фойдаланувчилар кесимидаги электрон хариталари ишлаб чиқилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ягона геоахборот тизимига киритилади.

Республика комиссияси маълум йилларга мўлжалланган яйлов ерларини деградациядан чиқариш ва улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади. Бунда яйловлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва такрор кўпайтириш мақсадида яйлов алмашинувини таъминлаш масаласи ҳам назарда тутилади. Шунингдек, ер эгалари томонидан яйловларда қимматли озуқабоп ўсимлик турларини экишни ташкил қилишга эътибор қаратилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ижара ҳуқуқини аукцион орқали сотишдан тушган тушумнинг бир қисмини ўсимликларга кимёвий ва биологик ишлов бериш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, озуқабоп ўсимликларни етиштириш ва яйлов деградациясининг олдини олиш тадбирларига йўналтириш тизими жорий қилинади.

Президентнинг янги қарори билан соҳа ривожи учун жорий қилинаётган баъзи имконият ва қулайликларга ҳам тўхталиб ўтамиз.

Шу йилнинг 1 апрелидан 2028 йил 1 январига қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан Давлат бюджетига тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартиби жорий этилади. Бунда ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилади.

Қарор билан жорий йил якунига қадар 3 миллион 200 тонна тирик вазндаги гўшт, 13 миллион 200 тонна сут маҳсулотлари олиш режаси белгиланди. Шунингдек, парранда гўштини 1 миллион тоннага, тухумни эса 10 миллиард 500 миллион донага етказиш вазифаси қўйилди.

Энди паррандачилик соҳасида аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тизими ҳам молиялаштирилади. Бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 50 миллион доллар миқдоридаги маблағлари тегишли банкнинг устав капиталини оширишга йўналтирилади. Мазкур маблағлар ҳисобига республиканинг барча ҳудудларида паррандачиликнинг гўшт ва тухум йўналишида кооперация тизими асосида 1 миллион аҳолини иш билан таъминлаш бўйича «Парранда боқиш – даромад топиш» лойиҳаси амалга оширилади.

Соҳа янада ривожланиши учун қўшимча қўллаб-қувватлаш лозим бўлади. Шу жиҳат инобатга олиниб, қарорда наслчилик корхоналари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлаш шаклидаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати 2028 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Ўтган йили чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантиришга доир лойиҳалар доирасида хориждан наслдор 296 минг бош қорамол, 333 минг 500 бош қўй-эчки олиб келинган. Бу каби чора-тадбирлар тармоқда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Қарорда бу жиҳат алоҳида инобатга олиниб, чорва ҳайвонлари, жумладан, қорамол, қўй-эчкилар ва наслдор отларнинг эмбрионларини тайёрлаш учун ветеринария дори воситаларини, ветеринария лаборатория текширувларида қўлланадиган ташхис тест тизимларини олиб киришда енгилликлар берилмоқда. Хусусан, бундай воситаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказганлик гувоҳномасини беришда кўрсатиладиган пуллик хизмат учун ҳақ ундириш бекор қилинди.

Наслчилик хўжаликларига имтиёзлар бериш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 1 минг 900 та чорвачилик-наслчилик хўжаликлари фаолият юритаётган бўлса, йил якунига қадар уларнинг сонини 3 мингтага етказиш режаси олинган.

Бу каби олиб борилаётган ишлар туфайли республикамизда насли яхшиланган қорамолларнинг салмоғи етмиш икки фоизга етди. Бунинг натижаси жойларда тез вазн оладиган ва серсут чорва моллари кўпаяётганида кўринади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири