Микромолия банки институти жорий этилади

Жорий йилнинг 11 февраль куни ЎРҚ-1026-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Қонун билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида уларни боғловчи «занжир»ни шакллантириш, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар ва депозитлар жалб этиш имконияти яратилади.
Эндиликда банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатишга ваколатли бўлган микромолия банки институти жорий этилади.
Шунингдек, қонун билан микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилиш учун ҳуқуқий асос яратилмоқда.
Бундан ташқари “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан берилиши белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ш.Маматуропова, ЎзА