Ўзбекистон ва Туркия шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон делегацияси амалий сафар билан Туркия давлатида бўлиб турибди.
Ташриф чоғида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ва Туркиянинг Селжуклу тумани мэри Ахмет Пекятирмачӣ ўртасида учрашув ўтказилди. Унда томонлар муниципал хизматлар сифатини ошириш ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Тадбир доирасида муниципал хизматларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги мавзусида тақдимот ўтказилди. Мезбон томон замонавий шаҳар бошқаруви усуллари, хизматларни рақамлаштириш, инфратузилмани яхшилаш ва фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
– Биз турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият борлигига гувоҳ бўляпмиз. Тажриба алмашиш билан чекланиб қолмай, ҳудудларимизнинг барқарор ривожланишига қаратилган қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш муҳим, – деди Бобур Бекмуродов.
Шу куннинг ўзида бошқарув вакиллари ва бизнес доиралари билан музокаралар ўтказилди. Муҳокамалар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициявий шериклик ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалалари кун тартибига чиқди.

– Бу учрашув шаҳарларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илғор тажриба алмашиш нуқтаи назаридан жуда самарали бўлди. Биродарлик ва дўстлик ришталаримизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилган бу муҳим ташриф учун меҳмонларимизга миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам кенгайишда давом этади, – деди Ахмет Пекятирмачӣ.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси диққатга сазовор объектларни кўздан кечирди, аҳоли пунктларида ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ташаббуслар билан танишди. Шунингдек, Селжуклу тажрибаси мисолида малака ошириш дастури иштирокчиларига чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали технологияларини жорий этиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди. Каратай муниципалитетида ишга туширилган арзон уй-жой дастури лойиҳаси тақдимоти намойиш этилди.
Айни чоғда делегациянинг амалий сафари давом этмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА