Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ISO 9001:2015 стандарти бўйича сифат менежменти тизими сертификатларига эга бўлди

239

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида шу муносабат билан тадбир ташкил этилиб, ушбу муассасага ISO 9001:2015 халқаро стандартини жорий этганлиги муносабати билан Ўзбекистон, Буюк Британия, Россия сертификатловчи органларининг сифат менежменти тизими сертификатлари топширилди.

Марказ матбуот хизмати хабарида таъкидланганидек, бу муваффақиятга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бунинг учун, аввало, марказ фаолиятига сифат менежменти тизими халқаро стандартлар асосида татбиқ этилди. Ички жараёнлар такомиллаштирилиб, замонавий бошқарув механизмлари жорий қилинди. Инновацион ёндашув ва технологик янгиланишлар асосида текширув ҳамда экспертиза жараёнлари оптималлаштирилди. Ўз навбатида, марказ мутахассислари мазкур стандарт бўйича малака ошириб, квалификациясини янада мустаҳкамлади.

– Ушбу натижа Ўзбекистон фармацевтика секторидаги ислоҳотларнинг яна бир амалий самараси бўлиб, марказ фаолиятини халқаро андозаларга мувофиқлаштириш бўйича муҳим қадам ҳисобланади, – деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шарипов. –Қолаверса, унинг ишончли ҳамкор сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш баробарида, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини кафолатлаш ҳамда назорат механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА