Суд оилавий ажримда зўравонликдан жабрланган шахс талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги мумкин

421

“Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Оила кодекси, Уй-жой кодекси, шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида мазкур қонун муҳокама қилиниб, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланаётгани қайд этилди.

Никоҳдан ажратиш масаласи ўз вақтида ҳал қилинмаслиги айрим ҳолларда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, бевақт ўлими каби аянчли оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бу норманинг амалиётга жорий этилиши мунтазам тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўлган низоли оилаларда оғир жиноятлар содир бўлишининг олдини олади.

Қонун билан Уй-жой кодексига қўшимча киритилиб, тураржойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра тураржойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа тураржойга киритиш ёки ижарага олинган тураржой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши хотин-қизлар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, уларнинг тураржой масалаларини қонуний ҳал қилишга хизмат қилади.

Сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, ҳудудлардан маҳаллий кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари комиссиялари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган мажлисда тегишли қарор қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА