Таълим глобал ўзгаришларга қандай мослашади?

385

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон ҳукумати саммити (World Government Summit) халқаро анжумани доирасида “Future of Education” форуми ташкил этилди.

Унда “Таълим глобал ўзгаришларга қандай мослашади?” мавзусидаги вазирлар панель муҳокамаси ўтказилди. Тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.

Панель сессияда глобал ўзгаришлар шароитида таълим тизимини ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш, шунингдек, келажак касбларига мос кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир Шерзод Шерматов ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритиб, таълим тизимини меҳнат бозори талабларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати таълимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, IT соҳасидаги малакали кадрлар тайёрлашга ва ёшларни замонавий касбларга йўналтиришга катта эътибор қаратаётгани қайд этилди.

Тадбир давомида турли давлатлар вакиллари таълим соҳасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий технологиялар ёрдамида таълим сифатини ошириш бўйича фикр алмашдилар.

Н.Раҳмонова,

ЎзА