Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифа

354

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январда “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепцияси белгиланди.

Натижада масъул идоралар, муассасалар учун 2025 йилда “Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” устувор вазифа сифатида қайд этилди.

Шунингдек, 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда вилоят, туман (шаҳар) ва маҳалла даражасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирларнинг намунавий “йўл харитаси” тасдиқланди.

Бундан ташқари, «йўл хариталари»нинг ижросини тизимли назорат қилиб бориш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида 2025 йил мобайнида доимий фаолият кўрсатувчи Республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи  тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ягона мувофиқлаштирувчи органи этиб белгиланган.

Ҳуқуқбузарлик содир этилиши натижасида шахс, жамият ва давлатга зарар етказилиб, ушбу зарар моддий, жисмоний ёки маънавий кўринишларда бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида асосий тушунчалар келтирилган бўлиб, ҳуқуқбузарлик – содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган айбли ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) сифатида таърифланади.

Прокуратура органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида”ги фармонида жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқаришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг сўзсиз ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш орқали “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” прокуратура органларининг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Бунда профилактика, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги тадбирларнинг таъсирчанлиги, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш, бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг имкониятлари ва воситаларидан кенг фойдаланиш муҳим. Жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб олиш, самарали фаолият бўйича ягона услубий тавсияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу эса чора-тадбирлар ижроси самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ихтиёр ЖЎРАЕВ,

Тошкент давлат юридик университети

кафедра мудири, профессор.

ЎзА