Инновацион ривожланиш агентлиги Орол денгизи қуриган туби экотизимини тиклашда ICBA билан ҳамкорлик қилади

Шу кунларда Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф чоғида делегация ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) раҳбари Тарифа Алзааби ўртасида учрашув ўтказилди. Унда томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикр алмашди.
Шундан сўнг Инновацион ривожланиш агентлиги ва ICBA ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Унга кўра, томонлар илмий ва илмий-техник материаллар, нашрлар ва бошқа тегишли маълумотлар алмашинувини йўлга қўяди. Шунингдек, ўзбекистонлик ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун стажировкалар ташкил этилади.
Таъкидланганидек, ICBA 1999 йилда ташкил этилган халқаро нотижорат қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази бўлиб, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилади. ICBA шўрланган ерларга эга ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ҳисса қўшади. Бугунги кунда марказ тадқиқотлари 30 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда.
Учрашув якунида томонлар англашув меморандуми асосида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олди.
Агентлик ахборот хизматига кўра, ташриф давомида делегация ICBAнинг тажриба майдонларида амалга оширилган тадқиқотлар, БААдаги тупроқ музейи ва шўрланишга чидамли ўсимликлар генбанки фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА