Ташқи дипломатия

401

Ўмон Султонлигидаги элчимиз Абдусалом Ҳотамов ушбу араб давлатининг маданият, спорт ва ёшлар ишлари бўйича вазири ўринбосари Саййид Султон Ал-Бусайдий билан учрашди. Мулоқот давомида ҳар икки мамлакатда қатор маданий тадбирлар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Миллий банк ижрочи директори Абдуллоҳ бин Заҳрон Ал-Хиноий билан учрашувда эса Ўзбекистон ва Ўмон банклари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш имконияти таҳлил этилди.

Қатарнинг етакчи сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадидаги саъй-ҳаракатларини давом эттираркан, Доҳадаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз Ашраф Хўжаев “Rayan Travel & Tours” ва “Mosafer Travel & Tourism” компаниялари бош менежерлари Зоҳир Юсуф ва Фирос Натту билан учрашди. Юртимизга ташриф буюраётган қатарлик саёҳатчиларнинг қизиқиши ва эҳтиёжига мослаштирилган турли хил хизматлар, қўшимча қулайликлар яратиш борасидаги кенг кўламли ишлар ҳақида мезбонларга батафсил маълумот берилди.

Японияда ҳам Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги кенг нишонланди. Жумладан, Сока университети ҳудудида жойлашган Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйилди.

Ушбу ёдгорлик ўзбек ва япон халқлари ўртасидаги тарихий дўстлик ришталари тимсолидир.

Токиодаги элчимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмонов  ректор Сузуки Масаши билан ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи юзасидан гаплашиб, алоқаларни янада кенгайтиришга келишиб олди.

Шунингдек, элчихонада япон сайёҳлари оқимини ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти, хорижликлар учун яратилган қулай шароитлар, инфратузилма ва меҳмонхоналар ҳақида тақдимот тадбири ўтказилди.

Ҳиндистон. Деҳлидаги элчимиз Сардор Рустамбоев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев билан онлайн мулоқот уюштириб, турли йўналишлардаги алоқаларни янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш, экспорт кўламини кенгайтириш, бизнес-форумлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.

Франция. Элчи Нодир Ғаниев Париж шаҳри мэри сиёсий маслаҳатчиси Жан-Ив Камю ва Бош делегатнинг халқаро алоқалар бўйича ўринбосари Бенуа Герцбрун билан ишчи учрашув ташкил қилди. Кун тартибидан Тошкент ва Париж алоқаларини мустаҳкамлаш масаласи ўрин олди.

АҚШдаги элчимиз Фурқат Сиддиқов Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Жон Марк Поммершайм билан учрашиб, икки томонлама кенгайтирилган стратегик ҳамкорлигикнинг барча йўналишларини атрофлича муҳокама қилди. Ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, мавжуд ташаббусларни янада ривожлантириш, янги имкониятлар яратиш юзасидан фикр алмашилди.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА