Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар билан халқаро автомобиль ташувлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириб келмоқда.
Транспорт вазирлигида Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича Ўзбекистон – Мўғулистон қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда автомобиль транспортида халқаро ташувларни ривожланиш, ушбу жараёнда миллий ташувчиларга қулай шароитларни яратиш масалалари икки мамлакат транспорт вазирлиги мутасадди вакиллари томонидан муҳокама этилди.
Шунингдек, томонлар мамлакатларимиз ўртасида халқаро автомобиль ташувларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди, дейилади Транспорт вазирлиги маълумотида.
Учрашувда халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан томонлар 2025 йилга мўлжалланган рухсатнома бланкаларини 2 баробарга кўпайтиришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, юк ташувлари жараёнини жадаллаштириш мақсадида мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон «E-Permit» айирбошлаш тизимини жорий этиш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама этилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА