Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами кенгайиб бормоқда.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Пьергабриеле Пападия де Боттини билан учрашди.
Суҳбат чоғида томонлар “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Италия элчихонаси ўртасидаги самарали ҳамкорликни юқори баҳолаб, Италиядаги етакчи ташкилотлар билан ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Хусусан, илмий ва таҳлилий соҳаларда доимий фикр алмашиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш мақсадида ўқув дастурлари ва тренинглар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Италия экспертларини жалб қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва давра суҳбатлари, конференциялар ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳалари орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва турли йўналишларда тажриба алмашишни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув очиқ ва конструктив муҳитда ўтиб, келгусида ҳамкорлик истиқболларини доимий равишда муҳокама қилишга келишиб олинди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА