Ўзбекистон Республикаси Президенти “Таҳлилий ва тадқиқотчилик фаолиятини ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида алоҳида очилган ҳисобрақамларда жамланади ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланган тартибда сарфланади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик беғараз тўлови;

халқаро, хорижий ва маҳаллий ташкилотларнинг грантлари ва ҳомийлик маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолият йўналишлари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;

таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тадқиқотларни ўтказиш учун грантлар ажратиш;

экспертлик, тадқиқотга оид ва бошқа хизматларни кўрсатувчи маҳаллий ва хорижий жисмоний ва юридик шахслар хизмат ҳақи учун тўловларни амалга ошириш;

таҳлил ва тадқиқот йўналишида тузилган вақтинчалик лойиҳа гуруҳлари фаолиятини молиялаштириш;

ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;

таҳлилчилар ва мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш;

нашрлар, адабиётлар, маълумотлар базалари ва тадқиқотлар натижаларини тайёрлаш ва харид қилиш ҳамда уларга обуна бўлиш;

илмий-тадқиқот соҳасидаги конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ҳамда уларнинг ишида иштирок этиш харажатлариниш;

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа харажатларни қоплаш.

Жамғарма маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.

ЎзА