Франция билан маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Франциянинг Off Avignon фестивали ҳамраиси Ҳаролд Давид ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданият соҳасидаги алоқаларнинг жорий ҳолати, уни ривожлантириш, хусусан, 2025 йилда Францияда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар, Ўзбекистон вакилларининг 2025 йилда Off Avignon фестивалида иштироки муҳокама қилинди.

Франциянинг ушбу фестивали 1966 йилда машҳур Aвиньон фестивали доирасида ташкил этилган оммавий дастур сифатида келиб чиққан ва ҳозирда дунёдаги энг йирик саҳна санъати фестивалларидан бири ҳисобланади. Ушбу ижодий лойиҳада жонли ижро устувор ўрин эгаллайди.

Учрашув давомида томонлар 2025 йилги Aвиньон халқаро театрлар фестивалида илк бор Ўзбекистон ёш томошабинлар театри иштирок этиши, 2026 йилда мазкур фестивалда Ўзбекистон фахрий меҳмон давлат сифатида иштирок этишига келишиб олди.
Н.Усмонова,
ЎзА