Ўзбекистон ва Халқаро молия корпорацияси инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлайди

288

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг Туркия ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шломер бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.

Учрашувда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, мамлакатда ДХШ дастурлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва ерлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, энергетика, яшил ривожланиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ер ресурсларидан фойдаланиш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар давомида ХМК вакиллари давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА