Ўзбекистон ва Малайзия: таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги уфқлари

Муносабат
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда, жумладан, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва инновацион йўналишларда изчил ривожланмоқда.
Куни кеча “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусида биринчи Ўзбекистон – Малайзия таълим форуми бўлиб ўтди. Форумда икки давлатнинг олий таълим вазирлари иштирок этиб, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, академик мобиль дастурларини ривожлантириш ва қўшма таълим дастурларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Малайзия олий таълим вазири Замбри Абдул Кадирнинг нутқларини тинглар эканман, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг нақадар чуқур илдизга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Алоҳида қайд этиш керакки, халқаро муносабатлар тизимида расмий ташрифлар фақат давлат раҳбарларининг учрашуви билан чегараланмайди. Илм-фан ва таълим вакилларининг ҳамроҳлиги дипломатиянинг янги, чуқурроқ ва самарали форматини яратмоқда. Бу интеллектуал дипломатияни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликнинг илмий негизини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли стратегик лойиҳаларни шакллантиришда катта аҳамият касб этади. Натижада халқаро илмий лойиҳаларни бирга амалга ошириш, янги технологиялар ва инновацияларни ўрганиш, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш имконияти вужудга келиб, давлатларнинг умумий ривожланишига ижобий таъсир қилади.
Таъбир жоиз бўлса, бу тарихий воқеа нафақат икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, балки кўп қиррали муносабатларнинг янги уфқларини очди.
Расмий ташрифлар доирасида илм-фан ва таълим вакилларининг иштироки фақат академик алмашинув бўлиб қолмасдан, балки мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг муҳим механизмига айланмоқда. Чунки, инновациялар, замонавий технологиялар халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассисларга эҳтиёжни кучайтиради.
Шу нуқтаи назардан форум доирасида 50 дан ортиқ шартнома ва меморандум имзоланиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳужжатлар қуруқ қоғоз бўлиб қолмаслигига ишончим комил, чунки уларнинг ҳар бири аниқ лойиҳалар ва дастурларни ўз ичига олган.
Форум давомида муҳокама қилинган энг муҳим масалалардан бири – қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўлди. Шунингдек, Малайзиянинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда талабалар алмашинуви ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш дастурлари, қўшма илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, масофавий таълим лойиҳалари каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Тадбир давомида малайзиялик ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашар эканман, уларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқиши жуда юқори эканлигини ҳис қилдим. Айниқса, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва “яшил” технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўп муҳокама қилинди.
Келажакда бу каби форумларни мунтазам ўтказиб туриш, талабалар алмашинуви дастурларини кенгайтириш ва қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини кўпайтириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди ва бу ҳар икки мамлакат учун фойдали натижалар беради. Таълим ва илмий алмашинувлар икки давлатнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, инновацион ривожланиш ва халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Элмурод ҲОШИМОВ,
Банк-молия академияси ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори.
Куала-Лумпур, Малайзия