Атроф-муҳитга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати ривожланади

301

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июнь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур конвенция инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади.

Конвенцияга қўшилиш ва унинг нормаларини миллий қонунчиликка киритиш фуқароларнинг фаровон атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлари ва бу борада қарорлар қабул қилишда иштирок этиши, маълумот олиш ҳуқуқларини таъминлайди.

Шунингдек, бу атроф-муҳит соҳасидаги миллий қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратининг замонавий тизимини ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мажлис давомида “Умумжаҳон почта иттифоқининг уставига ўнинчи қўшимча баённомани (Аддис-Абеба, 2018 йил 7 сентябрь) ва ўн биринчи қўшимча баённомани (Абиджан, 2021 йил 26 август) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қонун билан ратификация қилинаётган ушбу баённомалар Умумжаҳон почта иттифоқига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари ва халқаро почта алмашинувини ташкил этиш ҳамда самарали хизматларни барқарор ривожлантиришни назарда тутади.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатамизга ушбу халқаро ташкилот доирасида тўлиқ асосда самарали иштирок этиш имконини беради.

Шунингдек, Умумжаҳон почта иттифоқига аъзо давлатларнинг белгиланган почта операторлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатларида Почта алоқаси миллий оператори Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилиш ва сақлашда вакиллик қилади.

Мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА