Ўзбекистон – Малайзия: рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

401

Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга расмий ташрифи доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park ва «Malaysia Digital Economy Corporation» (MDEC) мутасаддилари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

1996 йилда ташкил этилган мазкур компания Малайзия Рақамли технологиялар вазирлиги қошидаги давлат органи бўлиб, мамлакатнинг рақамли иқтисодиётини илгари суриш ва ривожлантириш учун масъул ҳисобланади.

Учрашувда яқин келажакда ҳар икки мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолаш ҳамда Сирдарё вилоятидаги Ўзбекистон – Малайзия савдо миссиясига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Малайзия ва Ўзбекистон бизнеси учун янги имкониятлар очишга хизмат қилувчи ITes компаниялари ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар икки мамлакатнинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш бўйича салоҳиятли ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунлари бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилган. Ушбу ҳамкорлик IT жараёнларини IT Park Uzbekistan резидентларига аутсорсинг қилишни назарда тутади. Битим Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити билан танишиш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этиш, Малайзиянинг ITes компаниялари офисларини очишга кўмаклашиш, шунингдек, стартап ва инновацион корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга ва икки давлатнинг IT экотизимларини ривожлантиришга ёрдам беради.

Н.Раҳмонова, ЎзА