Ўзбекистон ва Малайзия: олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда

Малайзияда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусида биринчи Ўзбекистон-Малайзия таълим форуми бўлиб ўтди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Малайзия Олий таълим вазири Замбри Абдул Кадир сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасида олий таълим соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, томонлар истиқболда олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, академик мобиллик дастурларини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар кўламини оширишни қайд этди.

Шундан сўнг форумнинг маданий қисми бошланди. Ўзбекистон ва Малайзия санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларига юқори кайфият улашиб, икки мамлакат маданиятини яқинроқ таништиришга замин яратди.
Форум давомида соҳа мутахассислари томонидан турли мавзуларда маърузалар ўқилиб, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА