Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази жамоаси ўтган йилни муваффақиятли якунлаб, 2025 йилга мўлжалланган мақсад ва вазифаларни бажаришга аллақачон киришиб кетган. Барча саъй-ҳаракатлар кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган.

Муассаса директори Шуҳрат Мухторовнинг ССВ матбуот хизматига таъкидлашича, жорий йилда марказда 10 та, ҳудудий филиалларда 8 та ҳамда туман (шаҳар) шифохоналарида 4 та янги диагностика ва даволаш усулини жорий қилиш кўзда тутилган.

– Бунинг натижасида сийдик-тош касаллигига чалинган беморларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, пойтахтимизга қатнови сезиларли даражада камаяди, – дейди у.

Шунингдек, ихтисослашган тиббий ёрдам хизматини туманлар даражасига тушириш мақсадида 2025 йилда Наманган вилоятининг 4 та туман ва шаҳрида илк бор урофлоуметрия ташхислаш усули йўлга қўйилади.

Марказнинг 54 нафар юқори малакали шифокори ҳудудларга янги диагностика ва даволаш усулларини татбиқ этиш учун юборилади. Шунингдек, тажриба алмашиш, маҳорат дарсларини ташкил этиш, янги технологияларни жорий қилиш ва ҳудудларда тиббий кўриклар ва операцияларни ўтказиш мақсадида Россия, Германия, Ҳиндистон, Туркия каби давлатлардан мутахассисларни жалб этиш режалаштирилган. Ҳудудий филиалларда фаолият олиб бораётган ходимлардан 26 нафари чет элда, 29 нафари республика муассасаларида, марказ шифокорларидан 8 нафари 4 та хорижий мамлакатдаги етакчи клиникаларда малака оширади.

Мутахассислар томонидан 4 та йўналиш бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Бундан ташқари, 2 нафар уролог ва 2 нафар анестезиолог номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари моддий-техник базасини яхшилаш 2025 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Қувайтнинг Араб иқтисодий ривожланиш фонди маблағлари ҳисобига 12 турдаги ташхис ва даволаш амалиётлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар олиб келинади.

Қисқа қилиб айтганда, марказ жамоаси 2025 йил давомида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вазифаларни юқори масъулият ва садоқат билан бажариб, халқни рози қилишни бош мақсад сифатида белгилаган.

М.Қосимова тайёрлади, ЎзА