Тиббий хизматларни рақамлаштириш аҳолига қандай қулайликлар яратади?

332

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ юртимизнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда замонавий технологиялар ўзлаштириляпти ва “ақлли” ускуналар келтириб ўрнатиляпти.

Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида “Электрон поликлиника” ва “Электрон рецепт” дастурлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётганини келтириш мумкин.

Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “UZINFOCOM” ягона интегратори томонидан “Соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли трансформацияси” мавзусидаги республика рақамли соғлиқни сақлашнинг ягона платформаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш, Рақамли технологиялар вазирликлари ва бошқа тегишли идоралар раҳбарлари, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва ҳудудий бошқармалар вакиллари иштирок этди.

Тақдимотда рақамли тиббиётнинг имкониятлари ва қулайликлари саҳна кўриниши орқали намойиш этилди. Унда тиббиёт муассасалари фаолиятидаги рақамлаштириш жараёнлари бир шифокор ҳаёти мисолида очиб берилди.

Мазкур янги тизимлар орқали шифокорлар беморларнинг касаллик тарихи ҳақидаги маълумотларни республиканинг исталган ҳудудидан онлайн кўриш ва янгилаш имкониятига эга бўлади. Тақдимотда илгари фаолият кўрсатган 50 дан ортиқ ахборот тизимларининг ягона платформага ўтказилиши билан тизим фойдаланувчилари учун қатор ноқулайликлар бартараф этилгани таъкидланди.

Шунингдек, рақамлаштириш жараёни аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланишда янги қулайликлар яратгани алоҳида қайд этилди. Тизимларнинг ҳаётга татбиқ этилиши шифокорларнинг иш самарадорлигини ошириши, беморларга эса тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатилишига замин яратади.

Н.Раҳмонова, ЎзА