Ўзбекистонда картошка нархи ошадими? – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистон картошка экспортига чеклов қўйгани, бу эса Ўзбекистонда картошка нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келиши ҳақида хабарлар айланмоқда.
Мазкур хабарларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Назиров қуйидагича изоҳ берди.
“Мамлакатимиз аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади. Ўтган 2024 йилда юртимизда жами 3,7 миллион тонна, шундан асосий майдонда 2,7 миллион тонна ва такрорий экин сифатида 1 миллион тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3%) атрофида белгиланган.
2024-2025-йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,5 минг тонна картошка захирага жамғарилган ва fsp.agro.uz онлайн платформаси орқали субъектлар кесимида мониторинги йўлга қўйилган. Захирага жамғарилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига чиқариш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳар 10 кунлик тармоқ жадвали ҳудудлар кесимида тасдиқланиб, ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборилган. Жорий йил 20 январь ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан жами 6,3 минг тонна картошка ички бозорларга савдога чиқарилган, захира қолдиғи 239,2 минг тоннани ташкил қилади. Ўзбекистон бозорларида картошка нархининг ошиши ҳақидаги тарқалган хабарлар асоссиз”.
Мутахассис бозорлардаги картошкалар нархи бўйича доимий назорат олиб борилишини ва картошка нархлари мувофиқлаштириб борилишини айтиб ўтган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА