Ўзбекистонлик йўлсозларнинг Хитойда тажриба алмашиши бўйича таклиф берилди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар соҳаси ривожланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида олиб борилаётган ҳамкорликлар сезиларли даражада ўз истиқболини намоён этмоқда.
Автомобиль йўллари қўмитасида Хитой ишбилармонларининг Ўзбекистондаги ассоциацияси раҳбари жаноб Лию Ю бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Делегация аъзоларини қўмита раиси Жамшид Турсунов қабул қилди.
Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик алоқалари янги сифат даражасига кўтарилмоқда. Давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик яхши натижаларни кўрсатмоқда. Бундай ҳамкорликни янада тараққий эттириш мақсадида автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича делегация аъзолари томонидан 8 та йўналишда таклифлар билдирилди.
Йўл ва кўприклар қурилишида сифат кўрсаткичига эришиш, халқаро андоза ва меъёрларни соҳага кенг татбиқ этиш, хусусий-шериклик асосида иш олиб бориш ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлиши учрашувда қайд этилди, дейилади Автомобиль йўллари қўмитаси маълумотида.
Жаноб Лию Ю ўзбекистонлик йўлсозларни Хитой Халқ Республикасида ўқитиш ва тажриба алмашишга таклиф этди. Маълумотга кўра келишувларнинг якуни сифатида йўл инфратузилмаси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Меморандум имзоланди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА