“Антидопинг таълимоти” бўйича семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлигининг 2025 йил учун ишлаб чиқилган “Антидопинг таълимоти” ўқув режаси бўйича федерация ва ассоциацияларда фаолият олиб бораётган антидопинг бўйича масъул ходимлар учун уч кунлик ўқув-семинар ташкил этилди.
Қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган тадбирда 30 га яқин федерация ва ассоциацияларнинг антидопинг бўйича масъул ходимлари иштирок этди.

Семинарнинг биринчи кунида Бутунжаҳон антидопинг кодексида спорт ташкилотларининг роли ва мажбуриятлари, WADAнинг ADEL платформаси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан ишга туширилган коммуникация тизимларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Ўқув-семинар дастурига мувофиқ, иккинчи ва учинчи кунлари ADAMS тизимидан фойдаланиш, юзага келиши мумкин бўлган вазиятлар ва талаб этиладиган маълумотлар, натижаларни бошқариш жараёнида мураббий ёки бошқа шахс томонидан содир этиладиган хатоликлар кўриб чиқилди. Шунингдек, таъқиқланган рўйхат билан ишлаш кўникмалари, терапевтик истисноларни татбиқ этишда аризани қандай тартибда тўлдириш юзасидан маърузалар тингланди.

Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан керакли жавобларни олди. Ўқув-семинар якунида федерация ва ассоциация масъул ходимларига сертификатлар тақдим этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА