Дубайда ICBA билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

372

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Халқаро биошўрланган қишлоқ хўжалиги маркази (ICBA) бош директори доктор Тарифа Ал Зааби ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум умумий манфаатларга эга бўлган соҳаларда томонлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ имкониятлар ва ўзаро манфаатларни ўрганишга қаратилган.

Хусусан, меморандум экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгариши натижаларини юмшатиш ва мослашиш соҳасида тажриба, ахборот, энг яхши амалиёт ва замонавий технологиялар билан алмашиш, Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига чидамли амалиётга йўналтирилган лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни кўзда тутади.

Бундан ташқари, меморандум доирасида соҳада фаолият юритадиган аёлларнинг етакчилик салоҳиятини ошириш, тадқиқот ишларини олиб бориш кўникмаларини ўргатиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, муҳим соҳаларда ҳамкорлик қилишни ўз ичига олади. Меморандум беш йилга мўлжалланган ва автоматик тарзда уч йил давомида кейинги муддатларга узайтирилади.

Музокаралар доирасида Ўзбекистонда ICBA ваколатхонасини очиш бўйича чора-тадбирларни тезлаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА