Қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик давом эттирилади

Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда лойиҳанинг 2024 йилдаги асосий натижалари тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди. Лойиҳа томонидан ташкиллаштирилган Аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича постерлар, фотосуратлар ва қисқа видео лавҳалар танловининг натижалари эълон қилинди. Шунингдек, 2025 йил учун иш режалар муҳокама қилинди.

Адлия вазирининг ўринбосари, лойиҳанинг миллий координатори Музраф Икромов 2024 йил давомида «Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида кўплаб ишлар амалга оширилганини қайд этди.
Ушбу ишлар бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимининг самарали йўлга қўйилишида, ушбу соҳада фаолият олиб борадиган ННТлар фаолиятига кўмаклашиш орқали аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Финляндиянинг Марказий Осиёдаги элчиси Илкка Райзанен бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашда ижобий натижа бераётгани, ушбу ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини билдирди.
Лойиҳа раҳбари Азамат Салаев 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Лойиҳанинг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди. Шунингдек, танлов натижалари эълон қилиниб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА