АҚШ делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 15 август куни АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили ёрдамчиси М.Линскотт раҳбарлигидаги АҚШ Савдо вакили офиси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатдорлик тамойиллари асосида изчил ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга расмий ташрифи ўзаро манфаатли муносабатларни янги босқичга кўтарди.

Мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Турли даражадаги делегациялар учрашувлари мунтазамлик касб этган. АҚШ Савдо вакили офиси делегациясининг ташрифи мамлакатларимизнинг ўзаро савдо-иқтисодий, сармоя соҳаларидаги алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида савдо муносабатларида имкон қадар қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, мамлакатларимиз товар айланмаси 256 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилди.

8 (2).jpg
Учрашувда Ўзбекистонга савдо имтиёзларини тақдим этиш борасида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича мамлакатимиз қатор ютуқларга эришаётгани қайд этилди. АҚШ томони мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга тайёр экани алоҳида таъкидланди.М.Линскотт Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйгани, бу ўзаро шериклик ва манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очганини алоҳида қайд этди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –молия вазири Ж.Қўчқоров билан учрашди. Мулоқот чоғида мамлакатларимиз ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Мамлакат иқтисодий секторида кузатилаётган фаоллик, хориж капиталини жалб қилишга қаратилган турли форумларнинг ташкил этилаётгани бунга имкон бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида ўтказилган музокарада делегация аъзоларига Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар ижроси ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланаётгани, ташқи савдо айланмасида ижобий сальдо кузатилаётгани, иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ўсиб бораётгани қайд этилди. Ўтиши кутилаётган Марказий Осиё савдо форуми ва Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

АҚШ делегацияси шу куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлигида ҳам музокаралар ўтказди.

 

Улуғбек Шоназаров, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА