Қулай инвестициявий муҳит – тараққиёт омили

Инвестор давлат органи ёки мансабдор шахснинг маъмурий ҳужжатига ишониб, ўз маблағини бирор фаолият турига йўналтиради. Бироқ, амалиётда қонун ҳужжатларидаги айрим бўшлиқлар туфайли бир қатор муаммолар ҳам юзага келиши мумкин.
Баъзан маъмурий ҳужжатларнинг айрим сабабларга кўра юқори турувчи ёки шу ҳужжатни қабул қилган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши, суд қарорига кўра ҳақиқий эмас, деб топилиши каби ҳолатлар ҳам кузатилади. Бундай ҳолларда бекор қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор ёки инвестор, табиийки, зарар кўради.
Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу каби қонун бузилишларини бартараф этиш ва мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Хусусан, ҳужжатда биринчи марта “Ишончни ҳимоя қилиш принципи” тушунчаси қўлланилди. Унга кўра, давлат органининг маъмурий ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилса ёки бекор қилинса, инвестор ва тадбиркорга етказилган мулкий зарарнинг ўрни қоплаб берилади.
Инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш фақат суд томонидан амалга оширилиши белгиланди. Илгари туман ҳокими ўзи чиқарган қарорга ўзи ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда инвестор ва тадбиркорлар судда ўз манфаатларини томонларнинг тенглиги принципи асосида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, ҳужжатда ваколатлар марказдан ҳудудларга олиб берилди. Аввал инвестицион шартномалар фақат ҳукумат даражасида тасдиқланар эди. Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига хорижий инвесторлар билан 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқи берилди.
Жорий тартибга асосан ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш муддати уч йилдан ўн йилгача этиб белгиланган. Шу билан бирга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ер участкасини ижарага бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган. Энди эса туман ҳокимлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга 50 йилгача муддатга ижарага бериш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, меҳмонхоналар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл инфратузилмаси ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш учун ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш амалиёти жорий этилди.
Ер участкасини ижарага бериш тартибининг ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқидан афзал томони шундаки, инвесторга ер участкаси доимий фойдаланиш учун керак бўлмаслиги мумкин. Шундай ҳолларда у ижара муддати тугаши билан киритган мол-мулкини ўзи билан олиб чиқиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади.
Фармон билан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача, яъни 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилди, корхона иштирокчиси сифатида хорижий жисмоний шахс ҳам қатнашишига имкон яратилди.
Айниқса, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч баробар қисқартирилди. Акциядорлик жамиятлари устав фондининг энг кам миқдори эса 400 миллион сўм этиб белгиланди.
Яна бир муҳим янгилик, фармон билан фермерларга ўз маҳсулоти учун мустақил нарх белгилашига рухсат берилди. Илгари экспорт шартномаларини “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган қийматларда тузиши лозим эди. Эндиликда эълон қилинган нархлардан ҳам паст бўлиши мумкин.
Жорий амалиёт бўйича тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб-рақамига валюта тушумлари шартномада кўрсатилган муддатдан 180 кундан ортиқ кечиктирилмаслиги, акс ҳолда, уларга нисбатан кечиктирилган валюта суммасининг 100 фоизи миқдоригача жарима солиш кўзда тутилган эди. Фармонга мувофиқ, бу тартиб бекор қилинди.
Шунингдек, мамлакатимизга инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш имконияти яратилди. Бунинг учун инвестор хўжалик жамиятларининг акция ва улушларини сотиб олиш шарти билан энг кам ойлик иш ҳақининг 8 минг 500 баробаридан кам бўлмаган миқдорда ёки хорижий корхона ташкил этиш шаклида инвестиция киритиши лозим.
Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат қабул қилиниши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда юртимизга хорижий сармоялар жадал кириб келишига хизмат қилади.
Шерзод Баҳронов,
Навоий вилояти
Адлия бошқармаси бошлиғи.
ЎзА