Сенат ялпи мажлисида “Ипотека кредити бозори янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан маъруза қилган Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдуҳаким Эшмуродов ипотека кредитлари аҳолини уй-жой билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жой қурилиши соҳасига кенг жалб этиш бўйича шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг кўламини кенгайтириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги (ПФ–5886-сон) фармонига асосан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди.

Фармон билан ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 20 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштириши, шунингдек, айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган.

Фармонда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида муҳокама қилинаётган қонун ишлаб чиқилди.

Қонун билан “Ипотека тўғрисида”, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида” ва “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали гаров шартномаси ва гаров хати бўйича ҳуқуқларни расмийлаштириш, уларни рўйхатга олиш ва учинчи шахсларга бериш жараёнлари такомиллаштирилмоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан гаров хатини расмийлаштириш пайтида томонларнинг иштирок этиши, шунингдек, ариза берувчиларнинг рўйхатдан ўтказувчи орган (кадастр)га тўғридан-тўғри мурожаат қилиши талаб қилинади. Бу эса, бериладиган гаров хатлари сони кўпайган ҳолларда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Шу боис, гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш белгиланиб, электрон гаров хатининг концепцияси жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, харажатларни камайтириш ва вақтни тежаш имконини беради.

Бундан ташқари, қонунда ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари томонидан ўз капитали миқдоридан ортиқ қийматда облигациялар чиқариш орқали капитал бозоридан янада кўпроқ маблағларни жалб этиш механизмини жорий қилиш ҳам назарда тутилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун ипотека бўйича гаров хатлари айланишини янада ривожлантиришга, аҳолига берилган ипотека кредитларини такрор молиялаштириш учун янги имкониятлар яратишга, ипотека кредитини беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА