Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун Ўзбекистонмаданият вазири Озодбек Назарбековни қабул қилди.

Ўзаро мулоқот чоғида Қирғизистон етакчиси мамлакатларимиз ўртасидаги маданий дўстлик ва адабий алоқалар ривожи хусусида сўз юритди.

– Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бирлаштириб туради, -деди С.Жапаров. – 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилди ва бу ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданият соҳаси муҳим ўрин тутади.

Президент Садир Жапаров Озодбек Назарбековни “Қирғиз Республикаси халқ артисти” унвони билан тақдирлангани билан табриклаб, унинг мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этди.

Ўзбекистон маданият вазири О.Назарбеков ўз фаолиятига берилган юксак баҳо учун давлат раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, икки мамлакат халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилишини айтди.

Шунингдек, вазир айни дамда Ўзбекистоннинг етакчи театрлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан биргаликда қўшма театр лойиҳасини яратиш устида фаол иш олиб бораётганини таъкидлади.

Азиза Алимова, ЎзА