Юртимизнинг Франциядаги элчихонасида “Ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва сунъий интеллект соҳасидаги тенденция ва имкониятларни ўрганиш учун давлат ва хусусий шерикликни уйғунлаштириш” мавзусида Ўзбекистон IT соҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Франциянинг “Bek Advisory” компанияси ва “IT Park Uzbekistan” ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда илмий доиралар вакиллари, шунингдек, Франциянинг IТ соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Элчимиз Нодир Ғаниев ўз нутқида йиғилганларга ҳукуматимиз томонидан юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, дипломат сўнгги беш йилда телекоммуникация ва IT компаниялар сони 1,8 баробар ошгани, 2023 йил бошидан буён республикада 12 мингдан ортиқ АКТ корхоналари фаолият кўрсатаётгани ва ушбу соҳада 100 мингдан ортиқ киши фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Францияда жойлашган ахборот тизимларини бошқариш ва бизнесни ривожлантириш лойиҳаларига ихтисослашган “Bek Advisory” компанияси директори Ойбек Содиқов сўнгги йилларда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида сезиларли ривожланиш кузатилаётганини эътироф этди.

Тақдимот иштирокчиларда катта таассурот қолдирди ва улар ушбу йиғин Ўзбекистон ва Франция ўртасида IT технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим ўрин тутишига ишонч билдирдилар.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА