Марказий Осиё давлатлари ўртасида гендер тенгликни ривожлантириш, қишлоқ аёллари ҳуқуқлари ва имкониятларини янада кенгайтириш йўлидаги муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Туркиянинг Анқара шаҳрида «Ҳеч кимни ортда қолдирмасдан: Туркия ва Марказий Осиёда қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» лойиҳасининг якуний конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда Туркия, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларидан қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар иштирок этди.

Конференциянинг биринчи қисми мамлакатларнинг қишлоқ ва ўрмон хўжалигида гендер тенглигини ривожлантириш борасидаги тақдимотларига бағишланди, дейилади Ўрмон хўжалиги маълумотида. Ушбу тақдимотлар халқаро экспертлар томонидан таҳлил қилиниб, БМТнинг ФАО ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар чуқур ўрганилди.

Тадбирнинг иккинчи босқичида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотларда қатнашдилар. Ушбу машғулотлар якунида ҳар бир давлат тажриба алмашиб, қишлоқ аёллари ҳуқуқлари ва имкониятларини янада кенгайтириш бўйича якуний хулосаларни шакллантирди.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА