Куни кеча Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида «Илғорлик мезони: дипломатия, мулоқот ва хилма-хиллик» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова иштирок этди.
У анжуманнинг шўъба муҳокамасида «Маданият қудрати: XXI асрда жаҳон дипломатияси» мавзусида сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг маданият орқали ўзаро тушуниш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги тажрибаси ҳақида маълумот берди.
– Ўзбекистоннинг маданий дипломатиядаги ўрни ноёб. Биз Бухоро биенналеси, Самарқандда ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси, архивларни рақамлаштириш ва тарихий меросни замонавий ижодий ёндашувлар билан уйғунлаштиришга йўналтирилган ташаббусларимиз орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Шунингдек, ҳукуматимиз креатив саноатни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу ташаббуслар нафақат маданий ривожланиш, балки иқтисодий ўсишга ҳам хизмат қилади, – деди Гаяне Умерова.
Таъкидлаш керакки, ушбу халқаро анжуман Ўзбекистоннинг маданиятни ривожлантириш бўйича ёрқин тажрибасини намойиш этиб, халқаро миқёсда тажриба алмашиш учун самарали платформа сифатида муҳим аҳамият касб этди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА