Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси Томонлар конференциясининг (COP16) 16-сессияси доирасида Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари билан учрашди.
Музокараларда Ўзбекистон делегациясига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилик қилди, шунингдек, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ҳам қатнашди.
Мулоқот жараёнида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси ушбу соҳалардаги ташаббусларни амалга оширишда кўрсатаётган ёрдами учун ФАОга миннатдорлик билдирди. Асосий масалалардан бири ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан “FOLUR” лойиҳаси доирасида тайёрланган “Ўзбекистонда қум ва чанг бўронлари таъсирини аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун атмосферани моделлаштириш” ҳисоботи бўлди.
Бундан ташқари учрашув давомида “Яшил макон” умуммиллий дастури, хусусан, унинг доирасида кенг кўламли равишда ўрмонлаштириш чора-тадбирларини кўзда тутувчи ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди
Оролбўйи минтақаси муаммосини ҳал қилишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги, умуман, минтақада экологик мувозанатни тиклашда Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари талаб этилиши таъкидланди.
Якунда томонлар шерикликни мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни асраш ва минтақанинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган қўшма ташаббусларни амалга оширишга содиқ эканликларини тасдиқлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА