Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида “Ўзбекистон туризм йили” тадбири бошланди. Мазкур тадбир жорий йилнинг январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларга мувофиқ ўтказилмоқда.
“Ўзбекистон туризм йили” тадбирлари доирасида Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев ва ХХР маданият ва туризм вазири ўринбосари Ли Йингчуан ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ҳар томонлама кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар атрофлича муҳокама қилинди. Хитой томони “Ўзбекистон туризм йили”нинг барча тадбирларини ҳамкорликда юқори савияда ўтказишга тайёрлигини тасдиқлади. Ли Йингчуан яқин йилларда Ўзбекистон хитойлик сайёҳлар учун севимли йўналишлардан бирига айланишига ишонч билдирди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Ўзбекистон туризм йили” доирасида Пекин, Шанхай, Гуанчжоу, Ханчжоу, Сиань, Тянцзинь, Шэньчжэнь, Чэнду шаҳарларида турли тадбирлар бўлиб ўтади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА