Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университетининг Мақсадли капитал (Endowment fund) жамоат фонди ҳамкорлигида Ҳуқуқ билимдонлари – Умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилди.

Имтиҳонда республиканинг барча ҳудудларидан, шунингдек, хорижий давлатларда бўлиб турган жами 37 минг 764 нафар фуқаро иштирок этди.

Танлов уч босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда иштирокчилар huquqiyaxborot каналига ўз яқинларини таклиф қилиб, рейтингда энг юқори ўрин эгаллаган иштирокчилар иккинчи босқичга ўтди.

Иккинчи босқич test.adliya.uz сайтида жорий йилнинг 27 ноябрь куни ўтказилди. Унда қатнашчилар тест саволларига жавоб берди. Тест саволларига энг кўп ва тез жавоб берган 10 нафар иштирокчи учинчи босқичга ўтди.

Учинчи босқич суҳбат шаклида ташкил этилиб, тезкор савол-жавоб ҳамда казуслардан иборат бўлди.

Баҳолаш натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган уч нафар иштирокчи ғолибликни қўлга киритди. Ғолиблар диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Биринчи ўринни эгаллаган қашқадарёлик мактаб ўқувчиси Ҳасан Раҳимов 20 миллион сўм, иккинчи ўринни қўлга қиритган сирдарёлик лицей ўқувчиси Дониёр Ҳакимов 12 миллион сўм, учинчи ўринни олган қорақалпоғистонлик мактаб ўқувчиси Азамат Аманбаев 8 миллион сўмга эга бўлди.

Н.Абдураимова,

ЎзА