ЎЗБЕКИСТОН – БМТ: Жазони ижро этиш муассасаларини ислоҳ қилиш бўйича келишувга эришилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси билан ҳамкорликда давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистонда жиноят-ижроия тизимини ислоҳ қилиш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида жиноятчилик соҳасидаги одил судлов мутахассислари, эксперт ва халқаро шериклар иштирок этди.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши жазони ижро этиш тизимини либераллаштиришни назарда тутади. Стратегия доирасида жазони ижро этиш муассасаларида сақлаш шароитларини яхшилаш, маҳбусларни таснифлаш тизимини такомиллаштириш ва маҳкумларнинг қайта ижтимоийлашувига имкон яратиш кўзланмоқда.

Тадбирда жазони ижро этиш муассасаларида сақлаш стандартларини ва уларни бошқаришнинг мақбул амалиётлари, маҳкумларнинг қайта ижтимоийлашуви ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига қўлланилиши мумкин бўлган альтернатив жазо чоралари муҳокама қилинди.

БМТнинг маҳкумлар билан муносабатда бўлишнинг минимал стандарт қоидалари бутун дунёда тан олинган жазони ижро этиш муассасаларини бошқариш ва маҳбуслар билан муносабатда бўлишнинг минимал стандартларини ўзида акс эттиради. Ушбу стандартлар Ҳаракатлар стратегияси ва уни жорий йилда амалга ошириш режасида назарда тутилганидек, жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади.

Давра суҳбатида бошқа мамлакатларда жазони ижро этиш муассасалари тизимини ислоҳ қилиш тажрибасига ҳам эътибор қаратилди. Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш билан боғлиқ нуқсонлари бор шахсларни даволаш, болалар ва бошқа заиф тоифадаги шахслар, эктремистик урушлар иштирокчиси бўлган маҳбуслар билан ишлаш ва жазони ижро этиш муассасаларида зўравонликни келтириб чиқарувчи радикализмнинг олдини олиш масалаларида фикр алмашилди.

Йўл харитасига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларини ислоҳ қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА