Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш давомида соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт ва иқтисодиёт соҳалари бўйича муҳокамаларда депутатлар томонидан кўтарилган масалаларга ойдинлик киритилди. Айрим асосли таклифлар бюджет ва солиқ тизимларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олингани айтиб ўтилди.

Хусусан, фракциялар аъзоларининг бир қатор таклиф ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг таклифига мувофиқ оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 35,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан берилган таклифларга асосан кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи “Тирик тарих” фильмлар туркумини яратиш ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кўрсатилаётган маданий дастурларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қўшимча 40 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириши учун моддий-техника базасини яхшилаш бўйича берган таклифлари асосли деб топилиб, қўшимча 3,1 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

ЎзХДП фракциясининг таклифга мувофиқ республикада миллий малака тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, малакага бўлган талабларни ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Қамбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил этиш харажатлари учун қўшимча 10,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Экологик партия фракцияси томонидан берилган таклифларга кўра,  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатлар учун қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, фракция аъзоларининг таклифига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида ўрмончилик соҳаси илмий-тажриба станциясини ташқил этиш харажатлар учун қўшимча 9,5 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА