Тошкентда БМТ Наркотик ва жиноятларга қарши курашиш бошқармаси дастури доирасида баллистик экспертиза бўйича ўқув курси ташкил этилди.

Айтиб ўтиш керакки, БМТ Наркотик ва жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг “2023-2025 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси суд-экспертлик муассасаларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш – Фаза-III” дастури амалга оширилмоқда.

Дастурга мувофиқ, 2024 йил 2-6 декабрь кунлари ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари ва бошқа давлат суд – экспертиза муассасаларининг экспертлари “Қурол ва унинг таркибий қисмларининг баллистик экспертизаси” мавзусида Литва полицияси мутахассислари иштирокида Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг баллистик лабораториясида малака оширади.

Ўқув дастурига мувофиқ, амалий ўқув машғулотида яроқсиз енгил автотранспортни турли хил ўқотар қуроллардан отиб, автотранспортнинг капот, эшик, ойна ва ўриндиғида ўқдан қолдирилган излар бўйича йўналиши ва масофасини аниқлаш ўргатилади. Шунингдек, ҳодиса жойини дрон орқали кўздан кечиришнинг ўзига хос усул ва воситалари кўрсатиб берилади.

Ўқув курсининг очилиш маросимида Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори ўринбосари Ш.Қаюмов, Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг “INL” лойиҳаси раҳбари Нейт Реттенмайер, БМТ Наркотик ва жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси вакили М.Султонов, ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи С.Нуриддинов иштирок этди.

Мазкур ўқув курси ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласи ва уларни қўллаш билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш ва фош этишда халқаро стандартларга мувофиқ ашёвий далиллар бўйича исботлов базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова,  

ЎзА