Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда янги таҳрирдаги Конституциямизда партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатига хизмат қиладиган бир қанча янги нормалар акс этганига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилди.
Бош қомусимизда мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатлангани, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланди. Мамлакатимизда товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланди. Бу иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратиши таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда янгиланган Конституциямизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ҳар ким уй-жойга эга бўлишини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор нормалар акс этгани ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар Бош қомусимизда белгилаб берилган бу каби нормалар мазмун-моҳиятини халқимизга аниқ ва содда тарзда тушунтириш лозимлигини қайд этиб, бу бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА